Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Марказий Осиё халқаро институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз фаолияти йўналишида кўзланган натижаларга эришиш мақсадига хизмат қилквчи мазкур келишувга кўра, томонлар ўзаро манфаатли муносабатни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, ваколати доирасида қўшма тадбирлар ўтказиш, жумладан ахборот-таҳлилий фаолиятни янада такомиллаштириш йўлида биргаликда иш олиб боради.

Шериклик доирасида жаҳонда содир бўлаётган ташқи ва ички сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг асосий тенденцияларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек мамлакатнинг миллий, ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, давлат мудофаа қобилиятини ошириш, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳаларида давлат сиёсатини сифатли амалга оширишга оид халқаро тажрибани ўзлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳам назарда тутилган.

Имзоланган ҳужжатда соҳага оид миллий ва халқаро даражадаги илмий-услубий, амалий конференцияларни уюштириш ва ўтказиш, халқаро муносабатлар бўйича экспертлар ҳамда тор доирадаги мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашувини амалга ошириш, ходимлар малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш, амалиётлар ўтказиш тартиби акс этган.

Ғ.Хонназаров, ЎзА