Автомашиналик бўлиш истагини билдирган фуқароларга банклар томонидан узоқ муддатга бўлиб тўлаш шарти билан ажратилган кредит пулларини белгиланган муддатда қайтармаслик салбий ҳолатни келтириб чиқармоқда.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судининг 2024 йил 26 июндаги ижро ҳужжати асосида кредит қарзини ўз вақтида қайтармаган қарздор Ж.О.дан акциядорлик-тижорат “Капиталбанк” фойдасига 90,5 миллион сўм ундириш ва уни эса кредитга олинган “GM NEXIA3” русумли автотранспорт воситасига қаратиш белгиланди.

Мажбурий ижро бюроси Нукус туман бўлими томонидан қарздорга тегишли бўлган, ундирув қаратилиши белгиланган автомашина тегишли тартибда хатловга олинди. Шунга қарамасдан, қарздор томонидан кредит қарздорлиги бартараф этилмаганлиги сабабли, хатланган автомашина электрон онлайн аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилди.

Жорий йилнинг 20 январь куни ўтказилган аукцион савдоларида “GM NEXIA3” автомашинаси 77,9 миллион сўмга сотилиб, ундан тушган пул маблағи банк фойдасига ўтказилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири