Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги байрами муносабати билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан илк маротаба хайрия аукциони ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида яшовчи имконияти чекланган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Интернат уйидаги ихтисослашган даволанишга ва доимий тиббий назоратга муҳтож аёлларнинг ҳар бирининг севимли машғулоти бор. Бири расм чизса, бошқаси матоларга сурат солиб, сўзаналар тикади, айримлари гул ўстиради. Аукционга “Мурувват” уйида яшовчи аёлларнинг маҳорати билан яратилган ҳунармандлик буюмлари, тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж маҳсулотлари, пластик буюмлардан ишланган 30 дан зиёд қўл меҳнати намуналари қўйилди.

Шуларнинг орасида мураккаб услубда ишланган “Товус” композицияси энг юқори нархда, яъни 1 миллион 650 минг сўмга сотилди. Хайрия аукционидан тушган маблағлар Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи махсус ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири