Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳри яқинидаги Сулаймон тоғ этагида, қайта таъмирланиб, ободонлаштирилган Алимбек Дотқи номли хиёбонда Мустақиллик куни муносабати билан Давлат байроғи кўтарилиши маросими уюштирилди.

Тадбирда мамлакат Президенти, Қуролли кучлар Бош қўмондони Садир Жапаров иштирок этиб, нутқ сўзлади ва қирғиз халқини байрам билан муборакбод этди. Табрикда, жумладан, шундай жумлалар бор:

–Бугун, 31 август – Қирғиз Республикаси мустақиллиги куни. Бу байрам бутун халқимиз учун жуда қадрли ва муҳим. Мен Буюк Ипак йўлида жойлашган, ўзининг Сулаймон тоғи билан машҳур ушбу сахий заминда, жанубий пойтахтимиз саналган шаҳарда туриб, кўп асрлик бой тарихга эга буюк қирғиз элини қутлаётганимдан фахрланаман. Ҳаммангизни чин юракдан мустақиллик айёми билан табриклайман! Давлат раҳбари қўшимча қилишича, қирғиз халқи доимо табиат билан уйғун, қорли, пурвиқор тоғларни улуғлаб кун кечирган. Эҳтимол, шунинг учундир буюк Олатов шу заминни Ватан билиб, қадрлаб, кўз қорачиғидек асраб келаётган инсонларни мудом бахтсизликдан, офатдан асрайди.

–Бугунгидек мураккаб бир даврда ривожланган давлатни барпо этиш ўз қўлимизда, – давом этади Садир Жапаров. – Бунинг учун бизда барча шароит бор. Ушбу тарихий имкониятни қўлдан чиқармаслигимиз керак. Келинг, юртимизнинг табиий бойликларидан, инсон ресурсларидан тўғри, оқилона, тежаб фойдаланайлик, ота-боболаримиздан мерос қолган мустақил Қирғизистонни ривожлантирайлик, кучайтирайлик ва кейинги авлодларга шундай қолдирайлик.

Ғ.Хонназаров, ЎзА