Маълумки, жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Ўзбекистон спортчилари Хитойда ўтказиладиган “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Бошланишига бир ойга яқин вақт қолган қитъа ўйинларида мамлакатимиз спортчиларининг муносиб иштирок этишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида давлатимиз томонидан барча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Айтиш лозимки, Президентимиз 2022 йил 5 майда имзолаган “2023 йилда Ханчжоу шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари ва IV Параосиё ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда спорт федерациялари ҳамкорлигида тайёргарлик стратегияси ишлаб чиқилган.

Айни пайтда бир қатор спорт турлари бўйича терма жамоалар Тошкент вилоятидаги “Янгиобод” спорт базасида ўқув -машғулот йиғинларида иштирок этмоқда.

Куни кеча Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов етакчилигидаги мутахассислар “Янгиобод” спорт базасида  «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинларига ҳозирлик кўраётган бокс, кураш, қиличбозлик, енгил атлетика терма жамоаларининг машғулот жараёнлари, уларга яратилган шарт-шаротилар билан танишди. Терма жамоа мураббийлари, спортчилар, ҳар бир спорт турига бириктирилган шифокорлар билан суҳбатлашди.

Хусусан, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари Раҳматхон Рўзиохунов, куни кеча давлатимиз раҳбари қарори билан юксак мукофот – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвонига сазовор бўлган Даврон Ғофуров, спорт шифокори Дилшод Казаков, кураш мураббийлари Дилфуза Раҳматова, Ўзбекистон кураш федерацияси ҳакамлар ҳайъати раиси Ҳикмат Куртов ва спортчилар билан суҳбатда «Ханчжоу-2022» ўйинларининг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Ўқув-машғулот йиғинида спортчилар бажараётган техник – тактик юкламалар, уларга ажратилаётган фармакологик маҳсулотлар, спортчиларнинг яшаш шароитлари, машғулот жараёнларининг бориши билан танишилди.

Учрашув ва мулоқотлар давомида спортчиларнинг, мураббий-мутахассисларнинг, шифокорларнинг фикр – мулоҳазалари тингланди.

Осиё ўйинларида муносиб натижаларга эришиш масаласида бажарилаётган машқлар, ҳар бир спортчининг жисмоний қувватини ошириш билан унинг руҳий ҳолатини янада мустаҳкамлаш масаласида фикрлашилди.

Т. Рўзиев, ЎзА