Қозоғистонда ўқув йили давомийлиги аввалги тартибга қайтарилади, яъни 34 ҳафталик режим жорий этилади. Бундан буён ўқув йили 25 майда тугайди.

Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ёзмоқда.

Ўзгаришга изоҳ сифатида 36 ҳафталик ўқув йили жаҳон амалиёти экани эътироф этилиб, бундай янгиликларни жорий этиш учун пухта тайёргарлик зарурлиги таъкидланган.

– Вазирлик қарори асосли, аммо шошқалоқлик билан қабул қилинган, – деди Бош вазир ўринбосари – меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Тамара Дуйсенова Остонада бўлиб ўтган ўқитувчиларнинг август йиғилишида. – Ўқув йили 25 май куни якунланадиган 34 ҳафталик муддатга қайтиш тўғри.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида мамлакат Таълим вазирлиги ўқув йилини узайтириш, таътилни қисқартириш ташаббуси билан чиққан. Янгилик кўпчиликда жиддий хавотир уйғотиб, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган. Болаларни таътилнинг муайян қисмидан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорга жавобан, ота-оналар вазирлар таътилини қисқартириш таклифини беришган эди.

ЎзА