Хитойнинг Xiaomi технологик корпорацияси Хитой Халқ Республикасининг Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитасидан йилига 100 минг дона электромобиль ишлаб чиқришга рухсат олди.

Корпорация раҳбари Лэй Цзюнь компаниянинг ақлли электромобиллар бозорига 2021 йилда кириб келганини эълон қилди. У келгуси 10 йилда 10 миллиард доллар сармоя киритиш ва  2024 йилнинг биринчи ярмигача илк автомобилларни оммавий ишлаб чиқаришни бошлашга ваъда берди.

Тараққиёт ва  ислоҳотлар давлат қўмитасининг электромобиль ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаши бу йўналишдаги муҳим қадамлардан саналади, бироқ компаниялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан олдин Хитой Халқ Республикаси Саноат ва ахборотлаштириш вазирлигидан ҳам рухсат олишлари керак. Вазирлик янги транспорт воситаларининг техник жиҳатлари ва хавфсизлигини баҳолаш учун  жавоб беради.

Xiaomi корпорациясининг электромобиллар бозорига чиқиши, унинг  смартфонлар ишлаб чиқариш бизнесида турли муаммоларга дуч келаётгани билан боғлиқ. Биринчи чоракдаги даромад ўтган йилга нисбатан 18,9 фоизга камайган ва компания ўз ишлаб чиқаришини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда.

Хитойда электромобиллар бозори тез ривожланмоқда ва Xiaomi корпорацияси бундан фойда олишга умид қилмоқда.

Корпорация инновациялар бўйича катта тажрибага эга ва шу боис, рақобатбардош электромобиль ишлаб чиқаришига ишонади.

Ҳозирги кунда компания Пекинда йилига 200 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга завод барпо этди. Мингдан ортиқ муҳандислар илк электромобилларни ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Технологик корпорация Bosch ва Magna каби биринчи даражали етказиб берувчилар билан ҳамкорлик келишувларини йўлга қўйди.

Xiaomi корпорацияси катта молия манбалари, инновацион маданияти ва  кенг  чакана  савдо тармоғи туфайли электромобиллар бозорида муҳим иштирокчи бўлиш салоҳиятига эга.

Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА.