Япония, АҚШ ва Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлари яқин орада телефон орқали КХДР томонидан разведка сунъий йўлдоши ва ракета учирилиши мавзусини муҳокама қилиш ниятида. Бу ҳақда кун чиқар юрт Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Хироказу Мацуно маълум қилди.

Мацуно Пхеньяннинг сунъий йўлдошни муваффақиятсиз учиришига оид хабарларга изоҳ бермади ва айни дам Мудофаа вазирлиги мавжуд маълумотларни таҳлил этаётганини таъкидлади.

Шимолий Корея пайшанбага ўтар кечаси разведка йўлдоши вазифасини бажарувчи баллистик ракета учирди. Япония томони маълумотига кўра, қурилма, тахминан, 15 дақиқада Окинава музофоти ҳаво ҳудудидан ўтиб, Тинч океани томон йўл олган.

Японияда ушбу воқеа муносабати билан фавқулодда огоҳлантириш тизими ишга тушган. Хусусан, Окинава жанубий қисми аҳолиси зилзилага бардошли ёки ер ости биноларида сақланишга чақирилган. Ракета Япония ҳаво ҳудудини кесиб ўтгач, огоҳлантириш бекор қилинган.

КХДР марказий ахборот агентлиги ракета учирилган вақтдан икки соатча ўтиб, юзага келган муаммолар туфайли разведка сунъий йўлдоши учирилиши муваффақиятсизликка учраганини маълум қилди.

ЎзА