Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан фаол журналистлар билан учрашув ташкил қилинди.
Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов барча оммавий ахборот воситалари ходимларини байрам билан қутлаб, уларнинг мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлида фаоллик кўрсатиб келаётганини қайд этди. Глобал ахборот майдонида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, юртимиздаги янгиланиш жараёнларини ёритиш, эришилаётган ютуқларни кенг тарғиб этишдаги катта хизматлари, замонавий медиа тармоқлари учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш, бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қўшаётган ҳиссалари қатори партиянинг сиёсий куч сифатидаги фаолияти билан ҳамкорликдаги фаолиятлари алоҳида эътирофга муносиблигини таъкидлади.
Ахборот соҳасидаги эркинлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг фаоллигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Айниқса, тараққиёт ва ижтимоий ҳаёт воқеликларини халқ оммасига етказишда телевидение, радио, интернет ҳамда босма нашрларнинг ўрни беқиёс.
Барчага яхши маълумки, матбуот ва оммавий ахборот воситалари иши ҳар томонлама масъулиятлидир. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги пайтда ушбу масъулият янада кучаймоқда. Айниқса, ҳар йили байрам арафасида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилиниши, унда фидоий журналистларнинг орден ва медаллар билан тақдирланиши медиа соҳасига бўлган эътиборнинг юқори эканлигидан дарак беради.
Учрашув давомида бир гуруҳ соҳа вакилларига партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари