Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар ва янгиланишларни, айниқса, “Инсон қадри учун” ғояси остида амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз ҳаётида учраётган масала ва муаммоларни ўрганиш, уларга ижобий ечим топиш йўлида соҳа ходимлари томонидан олиб борилаётган ижодий меҳнат юқори баҳоланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ижодкорлар билан учрашувда кўтарилган масалалар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва унинг ижроси мунтазам назорат қилиб келинмоқда. Жумладан, 6,3 миллиард сўмлик маблағ эвазига “Матбуот уйи”да таъмирлаш ишлари, 2 миллиард 339 миллион сўмлик маблағ эвазига Қорақалпоғистон телевидениесининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, 661 миллион сўм маблағ ҳисобидан Қорақалпоғистон радиосига радио тўлқинларни узатиш антенналари харид қилиш, 757 миллион сўм маблағ эвазига “Матбуот уйи” биносида “Медиа-марказ” ташкиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги янгиланишларни кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг маънавий дунёсини бойитишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Вести Каракалпакстана” газетасининг 105 йиллиги, “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 100 йиллиги, “Тараққиёт кўзгуси” газетасининг 90 йиллиги, “Қўнғирот ҳақиқати” газетасининг 80 йиллиги, Қорақалпоғистон телеканалининг 60 йиллиги, “Оқманғит тонги” газетасининг 55 йиллиги, “Пайтахт” газетасининг 35 йиллиги, “Қорақалпоғистон овози” газетасининг 30 йиллиги қутлуғ саналари кенг нишонланиши – қорақалпоқ журналистикаси муносиб ривожланиш йўлини босиб ўтаётганини кўрсатади.

Байрам муносабати билан ўз касбига садоқати, ижодий ютуқлари, тинимсиз изланишлари билан эл назарига тушиб келаётган бир гуруҳ соҳа фидойилари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори билан давлат мукофотлари, кўкрак нишон ва фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

–Давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табриги катта қувонч бағишлади, – дейди “Янги Ўзбекистон” газетасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Мнажатдин Қутлимуратов. –Табрикдаги “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда” деган сатрлар соҳа ходимларига ғурур бағишлаши билан бирга ҳар биримизга катта масъулият ҳам юклайди.

Байрам тадбири иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев қатнашди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари