Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан бевосита мулоқот, уларнинг муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш, ватанпарварлик ва юртга садоқат рухида тарбиялаш, иқтидорли ва салоҳиятли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қатарилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари ходимлари томонидан алоҳида эътиборга муҳтож, “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда прокурорлар оталиғига олинган 24 минг нафардан ортиқ ёш билан бевосита учрашиб, муаммолари ўрганилди. Ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари” га киритилган 993 нафар, прокурор оталиғига олинган 1259 нафар ёшга амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 500 нафарга яқин ёш доимий ишга жойлаштирилди, 113 нафари субсидия асосида меҳнат қуроллари билан таъминланиб, 38 нафарига экин ер майдонлари ажратилди. Шунингдек 79 нафарига тадбиркорликни йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит ажратилиб, бандлиги таъминланди. 136 нафар ёш касб-ҳунарга ўқитилди, 394 нафар талаба ёшнинг тўлов шартнома пули тўлаб берилди.
****
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгар ушланди.
Жумладан фуқаро А.У. фуқаро Г.У.нинг ишончига кириб, унга қўшни Қозоғистон Республикасидаги институтда ўқиётганлиги тўғрисида ҳужжатларни тайёрлаб бериш орқали Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Шунинг эвазига 14 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
****
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов Нукус шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишди.
Даставал партия етакчиси марказ қошидаги иссиқхона фаолияти билан танишиб, ўзининг таклиф ва тавсияларини билдирди. Маълумот ўрнида мазкур марказда йилига икки минг нафарга яқин тингловчи 20 та касб-ҳунар, 6 та хорижий тил ва 5 та IT технология бўйича ўқиш имкониятига эга.
Бундан кейин марказда 30 июнь “Ёшлар куни” муносабати билан “Ватандошим” лойиҳаси доирасида “Депутатлар ва ёшлар” учрашуви ташкил килинди. Унда партия етакчиси Актам Хаитов барча ёшларни 30 июнь – Ёшлар куни байрами билан қутлаб, Янги Ўзбекистонни қуришда ёшларнинг ўрни, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор катта эканлигини алоҳида эътироф этди. Айниқса, Ёшлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорига мувофиқ мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол ёшлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганини таъкидлади. Президентимиз раислигида 28 июнь куни ўтказилган ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган бир қатор устувор вазифалар эртанги кунимизнинг давомчилари бўлган ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир далили эканлигини ҳаётий мисоллар билан гапириб берди.
Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, фикр ва таклифларини билдирди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири