Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш мақсадида Бизнес-омбудсман девони республиканинг турли ҳудудларида тадбиркорлар билан мулоқот ўтказмоқда. Ана шундай мулоқот Қорақалпоғистон республикасидаги тадбиркорлар билан ўтказилди.
Учрашувларда тадбиркорларни қийнаётган солиқ, ер ажратиш, кредит олиш, инфратузилма ва бошқа соҳалардаги муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Айрим масалалар юзасидан тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳат берилди. Тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жойида ечим топиш чоралари кўрилди.
Бизнес-омбудсман девони бу каби сайёр учрашувларни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказишни режалаштирган. Мақсад битта тадбиркорларнинг овозини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга кўмаклашишдан иборат.
****
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Ижроия қўмитасининг партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг ўтган даврдаги фаолияти натижалари ва келгусидаги вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Таъкидландики, ўтган давр мобайнида партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди. Унда жойларда мавжуд муҳим масалаларни ҳал қилишда, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, партия электорати вакилларини ўйлантираётган муаммоли масалаларини ҳал қилишда депутатлик назоратини ўрнатишда депутатларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга.
Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг жорий йилнинг ўтган даврида йўл қўйилган камчиликлари ва келгусидаги режалари бўйича ҳисоботлари эшитилди. Мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири