Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани спорт мактабида “Ёшлар ойлиги” доирасида спортнинг қўл жанги тури бўйича ҳоким соврини учун ўсмирлар ўртасида туман очиқ биринчилиги мусобақаси ўтказилди.

Унда 10 ёшдан 15 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ спортчи ўз вазн тоифасида куч синашди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан қўл жанги спорт тури аҳоли, айниқса ёшлар, Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ўртасида янада оммалаштирилиб, соҳа учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда малакали кадрлар, тренерлар ва ҳакамлар тайёрлашга бўлган эътибор янада кучайтирилди.

Бугунги кунда Амударё тумани спорт мактабида спортнинг 18 тури бўйича жами 2400 нафар спортчи шуғулланиб келмоқда. Спортнинг қўл жанги тури бўйича туман ёшлари мамлакат миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда ҳам фахрли ютуқларга эришмоқда.

Биргина 2024 йилнинг олти ойи давомида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида спортчиларимиз томонидан жами 19 та медаль, шундан 6 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медали қўлга киритилди. Шунингдек, Ўзбекистон чемпиони Лобар Жумабоева жорий йилда Бухоро вилоятида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати мусобақаларида 58 кг вазн тоифасида иштирок этади.

“Ҳоким соврини” учун ўтказилган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 10-11 ёш тоифасида Жаҳоншер Абдурасулов, Беҳрузбек Фарҳодов, Фозилбек Йўлдошев ҳамда Ниёзбек Сафарниёзовлар ўз вазн тоифаларида биринчи ўринни қўлга киритишди. 12-13 ёшли спортчилар ўртасида кечган муросасиз беллашувларда Яхиббай Абатбаев, Жавоҳир Оллоёров, Артур Утегенов ҳамда Алишер Мамбетбоевлар ўз вазн тоифаларида рақибларидан устун эканликларини исботлашди. Мусобақа давомида 14-15 ёшли қизлар ўртасида ўтказилган беллашувларда Улзада Утепбергенова ҳамда Азиза Сотиболдиевалар ўз вазн тоифасида ғолибликка муносиб кўрилди.

Шунингдек, мусобақа давомида ўтказилган профессионал жангларда Миржалол Ярашбаев ҳамда Бекнияз Айтниязовлар ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллашди.

Мусобақа сўнггида ғолиб бўлган спортчилар туман ҳокимлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири