Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳридаги Қуруқликда қўшинлар ҳарбий институти негизида X халқаро “Айбин” ҳарбий-ватанпарварлик йиғини бўлиб ўтди. Унда “Ватан таянчи” отрядларининг аъзолари бўлган Ўзбекистон терма жамоаси фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Юртимизнинг турли вилоятларидан саралаб олинган энг илғор ўқувчилар орасида Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак тумани 25-умумтаълим мактаби ўқувчиси Абдулла Жаббарбергенов ҳамда Кегейли тумани 41-умумтаълим мактаби ўқувчиси Маншук Жолдасбаева ҳам иштирок этиб, мусобақа давомида бир қатор шартларда Ўзбекистон Республикаси шарафини халқаро даражадаги мусобақада муносиб ҳимоя қилишда фаол иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ёшларидан иборат терма жамоа 750 нафар иштирокчи ўртасида билим, куч, ғайрат, эпчиллик ва чаққонликда анча устунлигини исботлаб, кучли рақобат кўрсата олди.

Президентимизнинг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолияти йўлга қўйилиши ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига янги имкониятлар эшигини очди. Уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини янада мустаҳкамлади.

Бугунги кунда мактабларимиздаги минглаб битирувчи синф ўғил-қизлари ушбу отрядларга қўшилиб, ўзларининг жамоат ишларида, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаоллиги, маданият ва спорт йўналишида қўлга киритаётган ютуқлари, энг асосийси ватанпарварлиги билан тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлмоқда. Ёш авлодни ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, мустақил қарор қабул қила оладиган, мамлакат ва ўз оиласи фаровонлигини янада ривожлантириш орзусида бўлган ёшларни вояга етказиш, ўқувчи ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик руҳини уйғотиш, уларни одоб-ахлоқ, ватанга садоқат, ўзига ишонч руҳида тарбиялаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шароит яратиш ҳамда ўқувчиларни турли хавфли ғоялар ва «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган “Ватан таянчи” ҳаракати қисқа вақт ичида бутун мамлакат ёшларининг ҳаракатига айланди.

Жамоалар “Aйбин совғаси” интеллектуал ўйини, робототехниклар ўртасида “Билимдон аскар” шарти, “AК-74” қуролини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, мерганлик, спорт шартларида ўзаро беллашиб, жисмоний имкониятларини намойиш этди. Бир неча кун давом этган муросасиз баҳслар якунида Ўзбекистон “Ватан таянчи” терма жамоаси умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Биринчи ўрин мезбон — Қозоғистон жамоасига насиб этди.

Нукус темир йўл вокзалида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида қорақалпоғистонлик ёшларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири