Молдова Президенти Майя Санду TV Nord телеканалига интервью берган чоғида россиялик дипломатларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига ҳам изоҳ бериб ўтди. Унинг таъкидлашича, Россиянинг Молдовадаги элчихонасида қолаётган ходимлари сони сифатли хизматлар кўрсатишни таъминлаш учун етарли ҳисобланади.
“Ишончим комилки, Россия Федерацияси элчихонаси ходимлари сони сифатли хизматлар кўрсатишни таъминлаш учун етарли. Умуман, бизнинг Россия Федерацияси билан муносабатларимиз Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин кескин ёмонлашди”, – деган Санду интервьюсида.
Душанба куни Россия элчихонасининг 45 ходими оила аъзолари билан бирга Молдовани тарк этди. Улар Молдова Ташқи ишлар вазирлигининг Россия дипломатик ваколатхонасида штатлар сонини қисқартириш бўйича қабул қилган қарори сабабли мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Бунга Insider портали ва Jurnal TV журналистларининг гўё Россия Молдовада жосуслик фаолиятини юритаётгани ҳақида олиб борган текшируви сабаб бўлгани айтилмоқда.