Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида бозорлардаги савдо нуқталари замонавий электрон тарозилар билан тўлиқ таъминланиши лозимлиги белгиланган.
Савдо жараёнлари ҳалол бўлиши, айниқса, дўкон ва бозорлардаги тарозиларнинг тўғри ишлаши, ўз вақтида стандарт талаблари асосида метрологик текширувларда ўтказиб турилиши мақсадга мувофиқ. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу каби саволлар юзасидан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бўлим бошлиғи Қутлимурод БАБАШЕВнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Бугунги кунда республикамиз деҳқон бозорларида қанча савдо ўринлари мавжуд?
– Республика деҳқон бозорларидаги жами савдо ўринлари сони 103262 тани ташкил этиб, шундан тарози талаб этиладиган савдо ўринлари 33589 тадан иборат. Иккита савдо ўрни учун 1 дона тарози ҳисобида жами 16795 дона тарози талаб этилади. Ҳозирги кунда деҳқон бозорларида жами 20815 дона тарозидан фойдаланилмоқда.
– Бозорлардаги тарозиларнинг тартиблари бўйича Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги қандай ишларни амалга оширмоқда?
– Агентлигимиз томонидан республика деҳқон бозорларида ўрганишлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишлар натижасида жами 20815 дона тарозидан 11672 донаси, яъни 56 фоизи метрологик текширувдан ўтказилганлиги маълум бўлди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, текширувдан ўтган тарозилар тўғри ишламоқда.
– Қолганлари-чи?..
– «Қўйлиқ деҳқон бозори»га тегишли 193 дона, «Фарҳод деҳқон бозори»га тегишли 200 дона ҳамда «Чилонзор деҳқон бозори»га тегишли 20 дона электрон тарози қиёслаш кўригидан ўтказилмасдан фойдаланилаётгани аниқланди. Шунингдек, “Авиасозлар деҳқон бозори»да 950 дона тарози талаб этилишига қарамасдан ҳозирги кунда 7 дона тарози метрологик текширувдан ўтказилган, холос. «Сирғали деҳқон бозори»га тегишли 1 дона ҳам электрон тарози мавжуд эмаслиги истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.
– Талабга жавоб бермайдиган тарозилардан била туриб фойдаланилса, сотувчига нисбатан қандай чора кўрилиши мумкин?
– Бу ўринда мен сотувчиларни айблай олмайман. Негаки, бозорлар ҳудудидаги барча ишларни ташкил этиш уларнинг маъмуриятига тегишлидир. Айнан савдо ўринларини тарозилар билан таъминлаш ва истеъмолчиларнинг розилиги йўлида ушбу тарозилар тўғри ва аниқ ишлаётганлигини назорат қилиш, сақлаш, 12 ойда бир маротаба метрологик текширувдан ўтказиш ҳамда носозларини фойдаланишдан четлатиш бозорлар маъмурияти ваколатида.
– Мамлакатимиздаги мавжуд бозорларни тўлиқ янги тарозилар билан таъминлаш учун қандай ишлар амалга оширилиши лозим?
– Ҳудудлардаги давлат солиқ идоралари, ҳокимликлар ҳузуридаги муниципал активларни бошқариш марказлари ҳамда деҳқон бозорлари маъмурияти биргаликда янги тарозилар билан таъминлаш ишларини ташкилаштириши мақсадга мувофиқ.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.