Фанда фармакопея дори воситаларини тайёрлаш, сифатини назорат қилиш, сақлаш шарт-шароитлари ва номланишини белгилайдиган давлат стандартлари мажмуи тушунилади. Унинг муҳимлиги шундаки дори моддалари ва турларини кимёвий, физик, биологик ва бошқа усулларда сифат ҳамда миқдорий таҳлил қилиш усуллари, заҳарли ва кучли таъсир этадиган дорилари рўйхати, болалар ва катталар учун дори ичиш меъёрлари, шунингдек, кунлик миқдорлари жадвали ёритилади. Ушбу йўналиш фармацевтика тармоғи учун муҳим саналади.

Хусусан, бу йўналишда Президент Фармони қабул қилиниб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг биринчи жилди тасдиқланиб, амалиётга жорий этилди. 2023 йилгача бўлган даврда давлат фармакопеясининг иккинчи ва учинчи жилдлари ишлаб чиқилди ва амалиётга тадбиқ этиб келинмоқда.

2024 йилда Фармакопея марказининг алоқадор бўлимлари иштирокида давлат фармакопеясининг биринчи нашри, биринчи жилдига иловалар ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Ушбу иловалар Европа ва АҚШ фармакопеяларига сўнгги йиллар давомида киритилган 51 номдаги янги фармакопея монографиялари билан уйғунлаштирилган мақолаларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш жараёнида 10 дан ортиқ етакчи мамлакатларнинг миллий ва ҳудудий фармакопеялари таҳлил қилинди ва маҳаллий шароитлар ҳисобга олиниб, шакллантирилди.

Бугунги кунда Давлат фармакопеясини ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётган юқори малакали мутахассисларимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро фармакопея эксперт гуруҳи аъзолигига киритилган. Шунингдек, АҚШ фармакопея конвенциясининг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган экспертлар қаторида эканликлари қувонарлидир.

Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА