АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун Жанубий Корея, Япония ва Францияга режалаштирилган сафарини бошлайди. АҚШ Давлат департаменти баёнотида бу унинг ваколати доирасидаги якуний расмий саёҳати бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Корея Республикасида Блинкен Вашингтоннинг Сеул билан иттифоққа содиқлигини, шунингдек Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги умумий манфаат доирасида Токио билан уч томонлама саъй-ҳаракатни давом эттириш имкониятини тасдиқлаш мақсадида мамлакат раҳбарияти билан учрашади.

Японияда икки томонлама, минтақавий ва глобал кун тартиби, Францияда эса Европа ва Яқин Шарқдаги вазият муҳокама этилиши кутиляпти.

20 январь куни сайланган Президент Дональд Трампнинг инаугурацияси бўлиб ўтади. Табиийки, янги раҳбар янги Давлат котибини тайинлайди.

Аввалроқ ушбу лавозимга сенатор Марко Рубио номзоди илгари сурилаётгани айтилганди.