Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида виза тартибини либераллаштириш имконияти ўрганилмоқда, деди тузилма Бош котиби Нурлан Ермекбаев “РИА Новости”га берган интервьюсида.
– Туризм биз учун ўта муҳим йўналиш бўлиб, аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги келишув доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди мулозим. – Маъмурият раҳбарларининг ўтган йил майда Олмаотада бўлиб ўтган вазирлар даражасидаги йиғилишида 2024-2025 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат бандларидан бири ўзаро виза режимини либераллаштиришни назарда тутади. Ҳозирча гап барча аъзо давлатлар ўртасида визани бекор қилиш ҳақида эмас, балки осонлаштириш ҳақида бормоқда. Зеро, визасиз тартиб, одатда икки томонлама асосда келишилади. Бир неча давлат ўртасида визасиз саёҳат бўйича келишув аллақачон мавжуд. Айримлари яқинда кучга кирган ёки режалаштирилмоқда.
Масалан, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб Россия ва Ҳиндистон ҳукуматлараро битими кучга киради. Энди икки мамлакат сайёҳлик гуруҳлари ўзаро визасиз сафар уюштириши мумкин. 2024 йил Эрон 28, жумладан ШҲТга аъзо бир неча мамлакат фуқаролари учун виза олиш мажбуриятини бекор қилди.
Шунингдек, Бош котиб айтишича, Хитой ва Қозоғистон ҳам визасиз саёҳат бўйича келишувга эришган. Яқинда Қозоғистон ва Макао махсус маъмурий ҳудуди ўртасида битим кучга кирди, Хитой ва Ўзбекистон, Хитой ва Беларусь ўртасида ҳам визасиз режим ўрнатилди.
2001 йил ташкил этилган халқаро ташкилот – ШҲТ таркибида Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Беларусь, Тожикистон ва Покистон тўлақонли фаолият юритади. Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчи, Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Камбожа, Миср, Қувайт, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Қатар, Саудия Арабистони, БАА, Туркия ва Шри-Ланка эса ҳамкор давлат мақомига эга.
С.Раҳимов, ЎзА