4 январь – Жаҳон Брайль алифбоси куни
Кексаларимиз дуо қиларкан, “Тўрт мучанг соғ бўлсин!” дея эзгу ният қилишади. Бу бежиз эмас, албатта. Соғлиқ билан боғлиқ муаммолар орасида, айниқса, кўриш қобилиятини йўқотиш анчайин қалтислиги билан ажралиб туради. Афсуски, айни дардга дучор бўлганлар кўплаб ҳаётий имконият, қулайликлардан маҳрум.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, сайёрамиздаги бир миллиардга яқин одамда кўриш қобилияти муайян даражада бузилган. Яқин ёки узоқни кўра олмаслик кўзойнак, контакт-линза ёки жарроҳлик амалиёти ёрдамида тузатилиши мумкин, аммо жиддийроқ ёки тўлиқ кўрлик баъзан мустақилликни, ўз ҳаёти назоратини бутунлай чеклаши ҳам мумкин.
Янада бир ташвишли жиҳат: кўзи ожиз, заиф кўрувчи одамлар кўпинча яккаланиб қолади, ташқи ёрдамга муҳтож бўладир, таълим олиш ва иш топишда тўсиққа учрайди. Бундай инсонларга ёрдам берадиган муҳим воситалардан бири Брайль алифбосидир.
Брайль бўртиқ нуқталарга асосланган махсус алифбо бўлиб, кўзи ожиз инсонлар саводини чиқариш учун 1824 йил француз тифлопедагоги Луи Брайль томонидан яратилган.
Барча ҳарф, рақам, мусиқий, математик ва илмий белгиларни ифодалайдиган олти нуқтадан иборат турли комбинациялар ёрдамида кўзи ожиз киши китоб ва газета ўқиши, юридик ҳужжат, масалан сайлов бюллетенига мурожаат қилиши, турли манбалардан маълумот олиши ва ҳар қандай материал билан танишиши мумкин.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган резолюциясида Брайль алифбоси кўз ожизлар ва заиф кўрувчилар учун асосий ёзма мулоқот воситаси экани қайд этилган.
Ногиронлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциянинг 2-моддасида Брайль алифбоси кўзи ожизлар учун мулоқот воситаси экани, уларнинг ижтимоий интеграциясини таъминлашга кўмаклашиши ҳамда таълим олиш, фикр билдириш эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини амалга ошириши таъкидланган.
БМТ БА 2018 йил қабул қилган қарорга мувофиқ, ҳар йили 4 январда Жаҳон Брайль алифбоси куни нишонланади. Мазкур сана мавзунинг аҳамиятини халқаро миқёсда эътироф этиш, шу ёзувда ўқув, илмий, сиёсий ва бадиий адабиётлар нашр қилишни қўллаб-қувватлаш мақсадини кўзлайди.
Айни пайт мамлакатимизда шу усулда турли нашрлар, жумладан ҳуқуқий адабиётлар чоп этилмоқда. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ташаббуси билан кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси каби муҳим ҳужжатлар матни Брайль алифбосида ҳам нашр этилиб, тегишли кутубхоналарга беғараз тақдим қилинди.
Демак, Ўзбекистонда кўриш, эшитиш ва нутқ қобилиятида нуқсони бор шахслар саводхонлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш, айни йўналишда таълим хизмати сифатини яхшилаш масалалари жамиятимиз ва давлатимизнинг доимий эътиборида.
Масалан, 2022 йил 20 октябрда қабул қилинган Президентнинг “Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ногирон шахслар ҳуқуқи тўғрисидаги қонун ижросини таъминлашга қаратилган.
Қарорга кўра, асосий йўналишлар этиб қуйидагилар белгиланган:
- ўзбек имо-ишора тилини янада ривожлантириш, ушбу тилнинг ҳуқуқий мақомини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга ошириш, ўзбек имо-ишора тилидан мулоқот воситаси сифатида фойдаланишни рағбатлантириб бориш;
- ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосида ўқитиладиган таълим дастурларига қўйиладиган давлат талабини такомиллаштириш;
- ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосига ўқитишда замонавий ахборот технологиялари, инновацион восита ва усулларни кенг қўллаш;
- кўриш, эшитиш ва нутқ қобилиятида нуқсони бор шахсларга телевизион дастур, фильм, театр ва бошқа маданий тадбирлар қулай шаклда бўлиши, жумладан сурдо таржимаси ёки тагматн (субтитр) билан намойиш этилишини таъминлаш;
- кўриш, эшитиш ва нутқ қобилиятида нуқсони бор шахсларда ижтимоий-меҳнат кўникмасини ҳосил қилиш, уларнинг жамият билан уйғунлашувига кўмаклашиш.
2023 йил 1 январдан бошлаб, муайян талаблардан келиб чиққан ҳолда, юртимиздаги умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда “Ишга марҳамат” моно марказларида ташкил этилган ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбоси ўргатиладиган махсус ўқув курсларида эҳтиёжманд шахслар ҳамда ушбу тоифадаги вояга етмаган болаларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар бепул ўқитилиши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида беш фоизи ҳажмида кўрсатувлар сурдо таржимаси, яширин тагматн (субтитр) ёки “югурик сатр” билан намойиш этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат олий таълим муассасалари магистратура мутахассисликлари ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига ўқишга қабул қилишда кўриш, эшитиш ва нутқ қобилиятида нуқсони бор шахслар томонидан хорижий тилни билиш бўйича миллий ёки шунга тенглаштирилган халқаро сертификат талаб этилмайди. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида қатнашаётган эшитиши ва нутқида нуқсони мавжуд абитуриентлар мажбурий тартибда сурдо таржимони хизмати билан таъминланади.
Шунингдек, бугунги кунда аҳолига хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган бино ва иншоотларни ногиронларда ижтимоий-меҳнат кўникмасини ҳосил қилиш, уларнинг жамият билан уйғунлашувига кўмаклашувчи воситалар, жумладан Брайль алифбосидаги маълумотлар акс этган стендлар, видео лавҳалар, фото суратлар, маълумотни бир вақтнинг ўзида матн кўринишида тақдим этадиган видео ва аудио материаллар ҳамда бошқа воситалар билан таъминлаш мажбурий ҳисобланади.
Ғулом Мирзо, ЎзА