2024 йил ҳам ўз якунига етиб, 2025 йил кириб келди. Жорий йил турли спорт турлари бўйича нуфузли мусобақалар ўтказилсада, энг жиддий синов футболчиларимиз учун бўлиши шубҳасиз. Аниқроқ, айтадиган бўлсак, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичидаги иштирокини давом эттиради.

Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳида олтинчи турдан кейин 13 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Эрон эса 16 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлсак, БАА 10, Қатар 7 очко жамғариб, кейинги ўринларда бормоқда. Қирғизистон ва КХДР термалари 3 ва 2 очко тўплаган ҳолда гуруҳнинг қуйи ўрнидан жой олди.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этиши белгиланган. Қитъамизга тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратилган.

Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичида 18 жамоа ҳар бирида олтита жамоадан иборат учта гуруҳга бўлинди ва улар давра тизимида (уй-сафар) баҳслашади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита ўринни эгаллаган терма жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади.

Осиё саралаш гуруҳларидан учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган 6 та терма жамоа якуний босқичда ҳар бири уч жамоадан иборат иккита гуруҳга бўлинган ҳолда давра форматида кураш олиб боради. Осиё плей-офф босқичидан энг яхши икки ўринни эгаллаган жамоалар «ЖЧ-2026» йўлланмасига эга бўлади. Ҳар икки гуруҳдан иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар қитъалараро плей-оффда ОФК номидан иштирок этадиган жамоани аниқлаш учун ўзаро ўйин ўтказади.

Айни пайтдаги Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг “А” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон терма жамоаси учун вазият кутилганидек. Футболчиларимиз бу йил дастлаб, 20 март куни Тошкентда Қирғизистон, сафарда 25 март куни Эрон ва 5 июнда БАА билан рақобатлашса, 10 июнь куни Қатар билан сўнгги турда ўйнайди.

Хуллас, бу учрашувларда Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев, Жалолиддин Машарипов каби футболчиларимиз масъулиятни ўз қўлига олган ҳолда жамоани олға бошлаши керак. Айниқса, бу вазифа жамоа сардори, тажрибали тўпураримиз Элдор Шомуродов бўйнига тушади. Аслида, Элдор ҳар қандай ҳолатда ҳам терма жамоа учун зўр ўйнаб бериши барчамизга маълум. Бироқ, бу йил футболчимизнинг клублар миқёсида ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиши аҳамиятли.

Шу боис, Шомуродов қишки трансферлар вақтида жамоа танлашда тўғри қарорга келиши муҳим. Ҳозирда “Рома” таркибида ўйнаётган Элдор Шомуродовга мунтазам ўйин амалиёти берилмаяпти. Бу эса аста-секин ўйинини йўқотишига сабаб бўлмоқда.

Умуман олганда Элдор Шомуродовдек тажрибали ҳужумчилар топ клубларда ҳар қандай вазиятда ўйнаб кета олиши табиий. Аммо мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун нисбатан пастроқ — “Кальяри”, “Венеция” ва “Эмполи” каби жамоаларда ўйнаса ҳам мақсадга мувофиқ. Дарвоқе, бу жамоалар январь ойида Э.Шомуродов учун курашишини маълум қилди. Бу жамоалар бош мураббийлари ва спорт директорлари ўзбек легионерининг имкониятларини яхши билади ва унга жамоадан жой беришга, лигада қолиш учун курашда унинг тажрибасидан фойдаланишга тайёр.

Умид қиламизки, Европа қитъасидаги қишки трансфер бозорида Элдор Шомуродов ўзи ва келажаги учун муносиб жамоа топади ва мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиб, терма жамоамизнинг ёрқин ғалабаларига ҳисса қўшади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА