2024 йил Ўзбекистон тарихида муҳим воқеалар ва ютуқлар билан ёдда қолди. Ортда қолган йил Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун ҳам самарали йил бўлди.
Ўтган йилнинг июль-август ойларида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” мавзусидаги халқаро конгресс ташкил этилди. Октябрь ойида эса “Шарқ ренессанслари феномени: салтанатлар, тамаддунлар, шахслар ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро маданий мерос ҳафталиги ўтказилиб, 300 нафардан ортиқ олим иштирок этиши таъминланади.
Йил давомида маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан Марказ концепсияси учун мингдан ортиқ таклифлар ва лойиҳалар тақдим этилди. Бу таклифлар асосида Марказнинг платформаси бешта асосий бўлимга ажратилди. «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб “Маърифат карвони” тарғибот тадбирлари, “Буюк алломаларимиз илмий мероси” мавзусида маърифий дастурлар ташкил этилди. Ислом цивилизациясининг улуғ мутафаккирлари ва уларнинг ҳиссасига бағишланган илмий-амалий конференциялар, жумладан, Имом Бухорий фаолиятига бағишланган тадбирлар ўтказилди.
Ислом цивилизацияси маркази ва «Ўзбекистон тарихи» телеканали ўртасида меморандум имзоланди.
Марказнинг халқаро ҳамкорлик ишлари диққатга сазовор бўлди. Делегациялар Саудия Арабистони, Буюк Британия, Малайзия ва Туркияга сафар уюштирди. Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази” мавзусида фото кўргазма ташкил этилди. Туркияда халқаро конференция, Буюк Британияда Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва хорижий давлатлар вакиллари ўртасида турли учрашув ва ташрифлар амалга оширилди. Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги билан меморандум имзоланди. Ўзбекистондаги Саудия Арабистони ва Франция элчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Туркия элчиси ва Марказ директори ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Халқаро майдонда Ўзбекистондаги ислоҳотларини ёритишга ҳам эътибор қаратилди. “Euronews” ва “CNN” телеканалларида Ўзбекистон маданий, маърифий ва ижтимоий ҳаётидаги янгиликларни ёритилиш йўлга қўйилди.
ЎзА