Бирлашган Араб Амирликлари WAM ахборот агентлиги хабарида Рас Ал-Хайма Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётгани таъкидланган. Мақолада амирликларнинг қўшма тадбирлар ўтказиш орқали иқтисодий шериклик кўламини кенгайтириш, ўзаро сармояни рағбатлантириш, савдо миссиялари алмашишга интилиши кучайиб бораётгани қайд этилган.

Хусусан, Палата директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Мусабиҳ Ал-Нуаймий ва мамлакатимизнинг БААдаги элчиси Абдулазиз Аққулов ўртасида кечган учрашувда тижорий ва сиёсий маслаҳатчилар иштирокида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш, ҳар икки томон тадбиркорлари, миссиялари ва савдо делегацияларининг қўшма тадбирлари ва ўзаро ташрифларини ташкил этиш механизмларини топиш йўллари муҳокама қилинди.

Ал-Нуаймий Ўзбекистон ва Рас Ал-Хайма амирлиги алоқаларининг икки давлат муносабати ривожига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА