Янги йил байрами кунларида республика бўйлаб электр энергияси ишлаб чиқариш ва унинг узлуксиз таъминоти тўлиқ таъминланди. Замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, электр тармоқларида узлуксиз назорат ўрнатиш ва мутахассисларнинг жадал меҳнати бунинг асосий омили бўлди.
Бугун АОКАда ўтказилган брифингда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқарма бошлиғи Фируза Турғунова ушбу жараён ҳақида маълумот берди:
– Янги йил байрами кунларида иссиқлик электр станцияларида 12 минг нафарга яқин мутахассис туну кун меҳнат қилиб, юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёнига муносиб ҳисса қўшди.
Байрам кунларида ҳам электр энергиясини ишлаб чиқариш барқарорлиги таъминланди. 2024 йилнинг 30-31 декабрь ва 2025 йилнинг 1 январь кунлари жами 668,1 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Шундан 571,2 миллион киловатт соат электр энергияси иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келди. Электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ўтган 3 суткада 120,1 миллион метр куб табиий газ ва 42,2 минг тонна кўмир сарфланди.
Республика бўйлаб аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тизим корхоналарида туну кун иш ташкил этилди.
Барча электр станциялари ва марказларда навбатчилик асосида энергия қурилмаларининг узлуксиз ва барқарор ишлашини таъминловчи махсус тезкор штаблар фаолият юритмоқда. Ушбу штабларда 2 мингдан ортиқ малакали мутахассис ва 112 та махсус техника жалб қилинган. Қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 64 та қурилмада режа асосида таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
“Тошкент иссиқлик маркази” корхонасининг 10 та иссиқлик марказидаги 60 та қозон агрегатидан 15 тасида мукаммал, 45 тасида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ишлар натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 291 мегаваттга, иссиқлик ишлаб чиқариш самарадорлиги эса 235 тонна/соатга оширилди.
Айни пайтда ситуацион-таҳлилий онлайн диспетчерлик маркази суткасига 24 соат ишлаб, реал вақтда иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариш жараёнини назорат қиляпти. Бундай чоралар орқали мавсумни барқарор ва беталафот ўтказиш таъминланмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА