Темир йўл транспорти соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун жорий йил 1 январдан кучга кирди.
Амалдаги “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун давр талабига жавоб бермаслиги, ундаги кўплаб тушунчаларнинг маъноси бугунги кунда эскиргани сабабли янги қонун қабул қилинди.
Янги қонунга 17 янги тушунча киритилди. Жумладан, “темир йўл транспорти” “умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти”, “ваколатли ташкилот”, “темир йўл транспорти йўловчиси”, “юк”, “муҳофаза зонаси” ва бошқа тушунчалар алоҳида моддаларда ўз аксини топиб, уларга доир талаблар белгиланди.
Бир-бирига номувофиқ ва ҳаволаки нормалар қайта кўриб чиқилди. Хусусан, “темир йўл транспорти” тушунчаси қайта кўриб чиқилди ва янги таҳрирда баён этилди. Бунда республиканинг темир йўл транспорти белгиланган мақсадлар бўйича умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортига ажратилди.
“Темир йўл транспорти инфратузилмаси” тушунчаси ушбу қонунда назарда тутилган турли хил объектларни ўз ичига олувчи технологик мажмуа сифатида ифода этилди.
Қонунга “умумий фойдаланиш темир йўл транспорти инфратузилмаси оператори” деган янги тушунча киритилди ва операторга қўйиладиган асосий талаблар қонуннинг алоҳида янги моддасида баён этилди.
Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти фаолиятига нисбатан амалдаги қонунда “ташувчи” тушунчаси мавжуд эмас эди. Бу эса бартараф этилиши керак бўлган қонунчиликдаги бўшлиқдир. Шунга кўра, қонун “Ташувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” моддаси билан тўлдирилди.
Бозор иқтисодиёти шароитида темир йўл транспортида фаолиятни тартибга солиш муаммоларини сифатли ҳал қилишда юқори даражадаги бошқарувнинг роли ва масъулияти ошиб бормоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, бир томондан, йўловчилар ва юкларни ташишга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича давлатнинг асосий вазифаси билан бир қаторда, бошқа томондан, хўжалик юритувчи субъект сифатида шартномаларни бажариш, молиявий манфаатлар, маҳсулотлар, ишлар ва хизматларни сотишдан ва акциядорлик жамиятини сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган бошқа фаолият турларидан даромад олиш бўйича мажбуриятларини ўз зиммасига олган.
Шу муносабат билан амалдаги қонуннинг 10-моддаси тўлиқ қайта кўриб чиқилди ва бир нечта моддаларга ажратилди. Темир йўл транспорти фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш билан шуғулланувчи органлар вазифалари аниқ чегараланди, ваколатлар (компетенциялар) белгиланди.
Ижро этувчи ҳокимият органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари сифатида ҳокимликлар, давлат бошқаруви органлари сифатида Транспорт вазирлиги ва Транспорт назорати инспекцияси, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги хўжалик бошқаруви органи сифатида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти этиб белгиланди.
Бугунги кунга келиб инфратузилма, темир йўл транспорти ва бошқа воситаларнинг эгалари (мулкдорлари) 43 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг таркибига кирувчи корхоналар, шунингдек, темир йўл транспорти соҳасида ўз фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлар ҳисобланади. Уларнинг барчаси ташувлар жараёнида бевосита иштирок этади ва темир йўл транспорти объектларининг хавфсиз эксплуатациясини ҳамда темир йўл транспортида ташишлар хавфсизлигини таъминлашга мажбурдир.
Шунга кўра, қонунда ташувлар жараёнини бевосита таъминлайдиган корхоналарга ва темир йўл транспорти ташувчисига транспорт хавфсизлигини таъминлаш масъулиятини юклаган ҳолда темир йўл транспортида хавфсизлик юзасидан асосий талаблар назарда тутилди.
Қонунга янги моддалар ҳам киритилди. Хусусан, темир йўл транспорти ташувчисининг йўқотишлари ва зарарларини қоплаш тўғрисида (30-модда) меъёрлар киритилди. Чунки, амалда йўловчиларни темир йўл транспортида ташишдан кўрилган зарарлар ташкилотга ортиқча юклатилган бўлиб, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши назарда тутилмаган эди. Конституциянинг 19-моддасини таъминлаш мақсадида алоҳида тоифадаги йўловчиларга темир йўл транспортида йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи белгиланди.
Амалдаги қонунда ҳаволаки нормалар, шунингдек, “норматив ҳужжатлар” сўзлари ифодаланган моддалар мавжудлиги, темир йўл транспорти фаолияти нафақат меъёрий техник ҳужжатлар билан, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам тартибга солиниши сабабли, ушбу нормаларнинг таҳририга ўзгартириш киритилди.
Қонун жорий йилда давлат томонидан тартибга солинадиган тарифларда йўловчиларни ташишдан вужудга келган зарарларни қоплаш учун Давлат бюджетидан қўшимча 1,7 триллион сўм харажатни талаб этади.
Қонун темир йўл транспорти соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, темир йўл транспорти ва халқаро ташувлар соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА