Расмий муносабат
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “Электр энергияси истеъмоли 200 киловаттдан ошса, ҳар бир киловатт учун 900 сўм эмас, 540 сўмдан тўланади” каби маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Бу ноаниқлик Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 894-сон қарори бандларининг нотўғри талқин қилиниши натижасида юзага келган. Қарорда 2024 йил 31 майдаги 319-сон қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 85-бандига ўзгартиш киритилган бўлиб, унда фақат юридик истеъмолчилар ҳақида сўз юритилган.
Хўш, нима ўзгарди? Қоидаларга кўра, юридик истеъмолчилар шартномавий миқдордан 20 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда электр энергияси истеъмол қилган тақдирда, ортиқча сарфланган ҳар бир кВт⋅соат учун белгиланган тарифнинг 1,2 баравари миқдорида қўшимча ҳақ тўлайди. Бу амалдаги тартибнинг икки бараварлик қўшимчадан юмшатилган варианти ҳисобланади.
Мисол учун, шартномавий лимити 100 минг кВт⋅соат бўлган ишлаб чиқариш цехи ой давомида 125 минг кВт⋅соат электр энергияси истеъмол қилса, ортиқча ишлатилган 5 минг кВт⋅соат учун 900 сўмдан эмас, 1080 сўмдан тўлайди.
Энг муҳим жиҳати шуки, маиший истеъмолчилар ушбу тартибдан озод этилган. Қоидаларнинг тегишли бандида “маиший истеъмолчилардан ташқари” дея аниқ-равшан қайд этилган.
«Вазирлик ахборот хизмати блогер ва журналистлар билан ҳамкорлик қилишга, ҳар қандай сўров ёки саволларга тезкор жавоб беришга тайёр. Сиздан сўраладиган ягона нарса – маълумотларнинг аниқлигини текшириш ва жамиятда нотўғри тушунчалар тарқалишига йўл қўймасликдир», дейилади хабарда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА