Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг юқори даражадаги сиёсий форуми доирасида “Барқарор ривожланиш мақсадлари саммити сари жадаллик” мавзусидаги умумий мунозараларда нутқ сўзлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бошқармасининг хабарига кўра, вазир ўз нутқида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мамлакат олдида турган долзарб чақирувларга тўхталиб ўтган.
Хусусан, нутқда Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатни ривожланишнинг кейинги босқичига олиб чиққани таъкидланди. Стратегиянинг “Инсон қадри” тамойили БРМ (Барқарор ривожланиш мақсадлари) нинг “Ҳеч кимни ортда қолдирмаймиз” шиори билан ҳамоҳанглигига алоҳида эътибор қаратилди.
– Сўнгги 6 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ўсиши даражаси 1,4 баробарни ташкил этди. Бу даврда мактабгача таълим қамрови 3 баробар, олий таълим қамрови эса 4 баробар ошди. 200 мингдан ортиқ янги кичик ва ўрта корхоналар ўз бизнесини бошлади. 2020 йилда Ўзбекистонда биринчи бор камбағалликни қисқартириш давлат сиёсати кун тартибининг муҳим қисми, деб эълон қилинди, – деди Ш.Кудбиев.
Шунингдек, нутқда янги қабул қилинган Конституцияга “Ўзбекистон– ижтимоий давлат” тушунчасининг киритилгани муҳим қадам бўлгани, бундан ташқари, “яшил ўсиш”, сувдан оқилона фойдаланиш каби йўналишларда аниқ ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, бўлиб ўтган мунозараларда БМТ га аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарларига Бош ассамблея минбарида 4 дақиқалик чиқиш имконияти тақдим этилди. Ўзбекистон делегацияси 17 июль куни сўзга чиққан 36 давлат вакилларидан биридир.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади.
ЎзА