Хабарингиз бор, Фаррух Зокиров бошқарувидаги Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси январь ойида Осиё кубоги саралаш баҳсларида иштирок этади.

Термамиз мазкур саралаш баҳсларининг “C” гуруҳидан жой олган бўлиб, ушбу гуруҳ ўйинлари жорий йилнинг 11–19 январь кунлари Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ўтказилади.

Саралаш натижаларига кўра, тўрт гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар ва энг яхши битта 3-ўрин соҳиби 2025 йилнинг 7–18 май кунлари Хитойда ўтказиладиган қитъа мусобақасининг финал босқичига йўл олади. Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси саралаш босқичидаги иштирокини 2-турдан бошлайди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, терма жамоамиз саралаш баҳсларининг 2-тур ўйинини 13 январь куни соат 15:00 да ўтказади. Унда футзалчиларимизга Филиппин термаси қаршилик кўрсатади.

Маълумот ўрнида: Осиё кубогида дастлабки уч ўринни эгаллаган жамоалар 2025 йилнинг ноябрь – декабрь ойларида тарихда илк бор ташкил этилаётган футзал бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА