Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов хорижда таҳсил олаётган салоҳиятли, иқтидорли ёшлар билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотда хориждаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 100 нафарга яқин талабалар иштирок этди.
Бугун ёшларимизни давлат кўмаги билан чет элда ўқитиш тизими — давлат хизматини салоҳиятли, ватанпарвар, иқтидорли кадрлар билан тўлдиришнинг замонавий модули сифатида шаклланди.
Ўзбекистонга ким, нима билан қайтади? Мулоқот жараёнида ушбу масалага асосий эътибор қаратилди.
Мақсад йўлидан босқичма-босқич кўтарилиш принциплари таҳлил қилинди. Ёш кадрларнинг муваффақият сири, чўққини забт этишдаги тўсиқ ва муаммолар, меҳнат кўникмаларини эгаллаш мезонлари ва муваффақият нуқтаси ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, иштирокчиларга “Soft skills” ва “Hard skills”каби замонавий кадрнинг стратегик компетенциялари юзасидан тушунчалар берилди.
Семинар шаклидаги мулоқот давомида ёшлар фаоллик кўрсатди, келажак режалари билан ўртоқлашди, якин йилларда давлат бошқарувидаги жадал ислоҳотлар иштирокчиси бўлиб, халқимизга самарали хизмат кўрсатиш ниятида эканликларини билдирдилар.
Н.Усмонова, УзА