Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига қарашли Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги Ибрайим Юсупов номидаги ижод мактабида 2023-2024 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари бошланди.
Мутахассисларнинг таъкидлащича, жорий ўқув йили учун ижод мактабининг 7-8-9 синфларига 47 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган бўлса, жами 374 нафар ўқувчи ҳужжат топширган. Айни кунда ўқувчилардан ижодий матн яратиш бўйича имтиҳонлар қабул қилинмоқда. Шунингдек 13-14 июль кунлари ижодий суҳбат, 17-22 июль кунлари тест синовлари бўлиб ўтади.
– Ижодий имтиҳонларда ўқувчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган анимацион расмларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ очиб бериши, тасвирларга ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириши, дунёқарашини намойиш этишлари талаб қилинади, – дейди ижод мактаби директори Руслан Ташимов.–Уларнинг орасидан келажакда ўзбек ва қорақалпоқ тилларини жаҳонга танитадиган, эл-юрти эъзозлайдиган, таниқли адиблар етишиб чиқишига ишонамиз. Имтиҳонлар адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилмоқда. Буни фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнларини онлайн кузатиб бораётган ота-оналар ҳам ҳис қилмоқда.
– Ижодий имтиҳонни топшириб чиқдим, – дейди ўқувчилардан бири Қўнғирот туманидан Ринат Жақсиликов. – Бизларга китобхонлик мавзусидаги ёзма иши бўйича топшириқ берилди. Ўзим ўқиган китобларим, уларнинг билим савиямизни, дунёқарашимизни юксалтиришдаги аҳамияти, келажакдаги режаларим тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларимни ёздим. Ота-онамнинг, устозларимнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
Мактабда ижодий имтиҳонлар давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА