Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этган Латвия ва Эстония парламентларининг халқаро ишлар бўйича қўмиталари раислари Р.Колс ва М.Михкельсон Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев билан учрашувда кузатувчилар Ўзбекистон кейинги йилларда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар дастурларини муваффақиятли амалга ошириб, ажойиб ютуқларни қўлга киритганини қайд этди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик, шу жумладан, парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, транспорт ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалда рўёбга чиқаришга кўмаклашиш борасида парламентлараро ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
Ўзбекистон ва Латвия ҳамда Эстония парламентларида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари орқали самарали алоқаларни мустаҳкамлашга икки томон ҳам интилиши таъкидланди.
***
Сенат раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Торагаси ўринбосари Нурланбек Азигалиев бошчилигидаги делегация билан ҳам учрашди.
Мулоқот чоғида халқаро кузатувчи сифатида ташриф буюрган меҳмонлар сайловга пухта тайёргарлик кўрилгани ва сайловчиларнинг юқори даражада хабардорлигини таъкидлади. Улар бунга Тошкент шаҳри ва вилоятидаги кузатувлари давомида гувоҳ бўлганини билдирди. Бу сайловнинг очиқ ва демократик тарзда ўтишини таъминлади. Айниқса, сайлов давомида ўндан ортиқ сайлов участкасида синов тариқасида электрон овоз бериш амалиёти жорий этилгани алоҳида таъкидланди. Овоз бериш жараёнида барча тоифадаги фуқаролар, кексалар, жисмоний имкониятлари чекланган шахслар ва бошқаларнинг сайлов ҳуқуқларидан фойдаланиши таъминланди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришда парламент дипломатияси имкониятларидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Томонлар ўзаро қизиқиш уйғотган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Н.Абдураимова, ЎзА