“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган “Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти” мавзуидаги халқаро конференцияда қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов 2030 йилгача қишлоқ хўжалигининг ривожланиш стратегияси доирасидаги амалий саъй-ҳаракатлар хусусида фикр билдирди:
— Ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиққан 1,1 миллион гектар ерни оборотга киритиш концепцияси қабул қилинди. Ўтган даврда оборотдан чиққан, лалми, яйлов ерлардан қарийб 580 минг гектари фойдаланишга киритилди. Ўзлашган ерларда 280 минг аҳоли банд бўлди ва қўшимча 3,7 миллион тонна маҳсулот етиштирилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларининг чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарга 25 йилга ижарага берилиши белгиланди. Қарийб 1,4 миллион гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди, 4,5 миллиард м3 сув иқтисод қилинди, 350 миллиард сўм субсидия берилди. Келгуси 5 йилда яна 500 минг гектар ер фойдаланишга киритилади, 2 миллион гектарда сув тежовчи технология жорий қилинади, — деди вазир.
Анжуманда аграр тармоқни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилганидек, ажратилган субсидия 350 миллиард сўмдан 2,1 триллион сўмга ўсди, 26 турдаги субсидиялар ажратилди. Гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш, тик қудуқ, сабзавотчилик, техника хариди кабиларга 10 дан ортиқ янги субсидиялар жорий қилинди. Бундан ташқари, субсидия тури 40 тага етказилиши ва тўлиғича онлайн берилиши, соҳада тўловларни бошқаришнинг ягона тизими жорий этилиши таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА