АҚШ Президент Жо Байден Германия Канцлери Олаф Шольц билан телефон орқали НАТОнинг Вильнюсда кутилаётган саммити ва Шимолий Атлантика иттифоқини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълумот берди.
“Президент Байден ва Канцлер Шольц НАТОнинг Вильнюс саммитига тайёргарлик масаласини муҳокама қилди. Улар йиғилишда “етакчилар кўриб чиқадиган бир қанча масалалар, жумладан, иттифоқни янада мустаҳкамлаш чора-тадбирларига тўхталиб ўтдилар”, дейилади баёнотда. Хабарда айтилишича, Шольц Байден ва Қўшма Штатлар халқини Мустақиллик куни билан табриклаган.
Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт журналистларга Байден ва Шольц “Украинани зарур бўлган вақтгача қўллаб-қувватлаш, бу ишни яқиндан мувофиқлаштириш бўйича якдил фикрда” эканлигини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, икки етакчи Вильнюс йиғилиши “иттифоқ ҳамжиҳатлиги ҳақида жиддий сигнал бериши керак”, деган ғояни илгари суришган.
Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер Жо Байден 11-12 июль кунлари НАТОнинг 74-саммитида иштирок этишини тасдиқлаган эди.
ЎзА