Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали “Олий таълим муассасаларига бу йилги ўқишга қабул қилиш тартиби” мавзуидаги овозли чатда абитуриентлар томонидан берилган саволларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бош мутахассиси Зафар Амирқулов жавоб берди.
– Бу йил магистратурага қабул бўйича мутахассислик фанидан имтиҳон бўлиши ҳақидаги хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
– Ижтимоий тармоқларда бу йилги магистратурага қабулда мутахассислик фанидан имтиҳон бўлади, деган мазмундаги хабарлар тарқалди. Бундай хабарлар асосга эга эмас.
Амалдаги тартибга кўра магистратурага онлайн тартибда ҳужжат топширилади. Ҳужжат топширилганда талабгорларнинг магистратурага тавсия этилиши диплом бали ҳамда чет тилини билиш даражасига қараб белгиланади.
– Абитуриентларни рўйхатга олиш тартиби қандай ва у қачонгача давом этади?
– 20 июндан бошлаб бакалавриат босқичи учун онлайн рўйхатдан ўтиш бошланди. Ҳужжат топшириш 20 июль кунигача умумий тартибда давом этади. Ўтган йилдан бошлаб мутахассислигида чет тили биринчи фан бўлган таълим йўналишларига касбий ижодий имтиҳонлар жорий этилган. Шу йўналишларга ҳужжат топширадиган абитуриентларимиз 10 июлга қадар рўйхатдан ўтишлари шарт. Яъни улар касбий ижодий имтиҳонларда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
– Абитуриентлардан рўйхатдан ўтиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
– Сўнгги йилларда олий таълимга киришдан то тугатишгача бўлган жараёнлар рақамлаштиришга ўтилди. Ортиқча қоғозбозликдан воз кечилди. Ҳозирги абитуриентнинг ортиқча ҳужжат кўтариб юришига асос йўқ. Фақатгина шахсини тасдиқловчи паспорт маълумотлари ҳамда қандайдир имтиёзга эга бўлса ўша имтиёзни асослантирувчи ҳужжатлари онлайн платформа орқали рўйхатга киритилади. Ҳаттоки, имтиёз берувчи ҳужжатлар ҳам платформанинг ўзида шаклланган. Фақат улардан онлайн рўйхатдан ўтаётганда имтиёзнинг тури, шаклини белгилашлари талаб этилади.
Интернет алоқаси йўқ ёки бошқа важлари бор абитуриентлар учун ҳам қўшимча имконият бор. Ўзларига яқин жойдаги давлат хизматлари марказларига шахсини тасдиқловчи ва имтиёз берувчи ҳужжатларнинг электрон шаклини олиб боришса, уларни рўйхатдан ўтказишда амалий ёрдам берилади.
Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА