Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг бошланишига роппа-роса 100 кун қолди. Шу муносабат билан “кичик олимпиада” машъаласи Хитойнинг қадимий масканларидан бири Лянчжу шаҳрининг тарихий обидаларида конкав ойнасида қуёш нурлари ёрдамида аланга олдирилди. Осиё ўйинлари машъаласи Хитойнинг 11 та шаҳри орқали олиб ўтилади.

19-ёзги Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими Ханчжоудаги Олимпия спорт маркази стадионида 23 сентябрь куни бўлиб ўтади. Шунингдек, кеча 19-Осиё ўйинлари медаллари, тақдирлаш маросимларида фойдаланиладиган материалларнинг тақдимоти ҳам ташкил этилди. Ханчжоу-2022 медаллари “Хушан” деб номланади. Бу хитойликлар тилида “кўллар ва тоғлар” маъносини англатади. Уларни яратишда 5000 йиллик Хитой цивилизацияси мавжудлигидан далолат берувчи Лянчжу маданиятининг ноёб тасвирларидан фойдаланилди дейилади Осиё Олимпия кенгаши хабарида. Медаллар дизайнида биринчи марта Лянчжу маданияти даврида ишлатилган яшма квадратларини ўзида жо этган “юйцунь”дан фойдаланилди ва думалоқ медаль комбинацияси қўлланилди. Медалнинг олд томонида Ханчжоу шаҳрининг тасвири жойлашган бўлиб, у уч томондан туман билан қопланган тепаликлар билан ўралган, бир томондан эса шаҳар манзаралари акс этган. Танганинг орқа томонида Осиё ўйинларида спортчилар қолдирган ажойиб изларни ифодаловчи квадрат муҳр шакли намойиш этилган.

Эслатиб ўтамиз, 19-ёзги Осиё ўйинлари 23 августда бошланиб, 8 октябрга қадар давом этади. Унда Ўзбекистоннинг 400 дан ортиқ спортчиси 39 спорт турида иштирок этиши режалаштирилмоқда. 2018 йилги ёзги Осиё ўйинларида бу кўрсаткич 30 та спорт турида 232 нафар спортчини ташкил этган.

 

Т. Рўзиев, ЎзА