Италия Олий суди судьяси Марко Мария Альма ва мазкур мамлакат Судьялар мактаби ижроия қўмитасининг вице-президенти
Марисария Мореги хоним Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ўзбекистон судьялар олий кенгашига борган меҳмонларни Кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров қабул қилди.
Учрашувда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида ривожланиб бораётган алоқаларнинг ажралмас қисми экани қайд этилди. Барча давр ва давлатларда судьяга нисбатан қўйиладиган талаб – жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш экани қайд этилди. Бироқ, судьяларни тайёрлаш, танлаш ва лавозимга тайинлашда ҳар бир давлатнинг ўз йўналиши, тартиб-қоидалари бор.
Шу маънода Судьялар олий кенгаши, унинг ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ҳамда Италия судьялар мактаби ўртасида судья кадрларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашда ўзаро тажриба алмашишнинг аҳамияти катта. Чунки тажриба йиллар давомида сайқалланган тартиботлар бўлиб, уни ўрганмоқ икки тараф учун ҳам мақсадга мувофиқдир.
Самимий ўтган мулоқотда меҳмонлар мамлакатимизда изчил давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, бу жараёнда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш устувор аҳамият касб этаётгани ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ва тайинлашда жорий этилаётган инновацион янгиликларни эътироф этди.
Шунингдек, тизимда гендер тенглигини таъминлаш, бунинг ўзи хос жиҳатлари ҳамда ечимлари, шунингдек, ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА