Бугунги кунда мамлакатга иқлим ўзгаришининг таъсирини камайтириш ва унга мослашиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтишни жадаллаштириш ва уни тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган салбий ҳолатлар иқтисодий ўсишни таъминлашда янада барқарор манбалар ва ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, хусусан, мамлакатда “яшил” иқтисодий ўсиш бўйича стратегик мақсадлар ва чора-тадбирлар амалга оширилишини самарали ташкил этиш заруриятини кўрсатмоқда.
2030 йилга қадар иссиқхона газларини 2010 йилги кўрсаткичларга нисбатан 35 фоиз камайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
– “Яшил” технологияларни барча соҳаларга фаол жорий этишда электромобилларни оммавийлаштириш ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш муҳим омил сифатида қаралмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда рўйхатга олинган енгил автомобилларнинг 8 мингга яқинини ёки 0,2 фоизини электромобиллар ташкил этади, дейди – Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Иқтисодиётда тармоқлараро ресурслар тақсимоти ва моддий ресурс балансларини шакллантириш департаменти директори ўринбосари Қувончбек Мустафоев. – Ҳозирги кунда электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи корхоналар томонидан республика ҳудудида жами 140 та қувватлантириш станциялари ўрнатилган.
Халқаро энергетика агентлигининг 2023 йил ҳисоботига кўра, бир дона электромобилни қувватлантириш станцияси ҳиссасига Германияда 26 та, АҚШда
24 та, Японияда 15 та, Хитойда 8 та, Ҳиндистонда 7 та, Кореяда 2 та ҳамда Ўзбекистонда 56 та электромобиль тўғри келади.
Хусусан, 100 километр масофага электромобиль 15 кВт/с электр энергия сарфлаши инобатга олинса (жамоат жойларида қувватлантириш станциясида қувватлантирилганда 25,5 минг сўм), ички ёнув двигателига эга автомобиль эса 10-11 литр (75-100 минг сўм) ёқилғи сарфлайди.
Электромобилларнинг асосий афзалликлари, биринчидан, экологик жиҳатдан тоза бўлиб, атроф-муҳитга чиқинди газлари ва зарарли моддалар чиқармайди. Электромобиллардан фойдаланишда фақатгина уни қувватлантиришнинг ўзи кифоя қилади, бугунги кунда улар доимий равишда такомиллашиб бормоқда.
Иккинчидан, электромобиллардан фойдаланиш харажатлари паст, электр транспорт воситаларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш нархи ҳам арзон – улар камроқ эҳтиёт қисмларга эга.
Учинчидан, электр транспорт воситалари шовқинсиз, тезлик жадаллик билан оширилганда ҳам овози деярли ўзгармайди, бу уларни бошқаришда янада қулайлик туғдиради. Шовқиннинг йўқлиги – электромобилга эндигина ўтган ҳайдовчилар ва йўловчилар учун энг муҳим ўзгаришдир.
Тўртинчидан, келажак билан ҳамнафас бўлиш, сайёрамизда бугунги кундаги иқлим ўзгаришларини ҳисобга олганда электромобиллар келажак транспорти ҳисобланади.
Халқаро энергетика агентлиги тадқиқотларига асосан ички ёнув двигателига эга бўлган бир дона енгил автомобилдан атмосферага ажраладиган зарарли чиқинди газлар миқдори бир йилда 3,4 тоннани ташкил этади. Ўз ўрнида, республика ҳудудида 2025 йилга бориб электромобиллар ҳисобига 150 минг тонна зарарли чиқинди газлари ажралиб чиқишининг олдини олиш кутилмоқда.
Шуҳрат ИСЛОМОВ, суҳбатлашди.