Бугун Тошкентга Халқаро нотариуслар иттифоқи (ХНИ) янги сайланган президенти Лионель Галлиез жаноблари ҳамда Франция нотариуслари Олий кенгаши делегациясининг 5 кунлик ташрифи бошланди.
Ташрифдан мақсад – Ўзбекистон нотариат тизими билан яқиндан танишиш, ХНИ Президенти Лионель Галлиезнинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири билан учрашуви, ХНИ аъзолигига қабул қилинган Ўзбекистонда нотариат соҳасида қисқа муддатда амалга оширилган ислоҳотларни, шунингдек, жорий йилнинг 10-11 октябрь кунлари ХНИнинг нуфузли комиссияларидан бири – Халқаро нотариал ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги йиғилишини тарихий Самарқанд шаҳрида ўтказиш масаласини муҳокама қилишдан иборатдир.
Дастлаб, меҳмонлар Ўзбекистон Нотариал палатаси биносида Нотариал палата раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров Ўзбекистон нотариат соҳасида ислоҳотлар ҳақида гапириб, асосий акцент рақамлаштиришга қаратилганлиги, электрон тизимдан самарали фойдаланилаётганлиги, бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам нотариусларнинг фаолияти суғурта қилинганлиги ҳақида сўзлаб берди.
Нотариал палата шунингдек, соҳа яқиндан ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган 20 дан зиёд ташкилотлар – Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва Оммавий коммуникациялар, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси каби қатор ташкилотлар билан меморандум имзолаган, ҳамкорлик доирасида ушбу ташкилотларга услубий кўмак кўрсатилиб, услубий қўлланмалар яратилди. Бу юқоридаги ташкилотлар масъул шахслари томонидан фуқароларга нотариал ҳаракатлар кўрсатилиши билан боғлиқ барча муаммоларни бартараф этади.
Нотариал палата, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатган. Шу кунгача 10 га яқин хориж мамлакатлари Нотариал палаталари – Украина, Литва, Белоруссия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Франция, Германия, Россия каби давлатлар нотариат тизимлари билан яқиндан ўрнатилган ҳамкорлиги натижасида 40 нафардан зиёд нотариуслар хорижда малака оширишлари мумкин бўлди. Шу кунгача ХНИ университетида учта нотариус таҳсил олди, Германияда 2 нафар нотариус, Беларусь Республикасида 2 нафар нотариус малака ошириб қайтди, яна икки нафари стажировкага боради. Яқинда Бутунроссия адлия университетида 30 нафар нотариус ўқув курсларини тамомлаб қайтди.
Шунингдек, нотариуслар ҳуқуқий тарғибот билан фаол шуғулланиб келмоқдалар. Улар бутунжаҳон ижтимоий тармоқларида ҳамда “Телеграм” мессенжеридаги “Нотариус маслаҳати” мулоқот чатида жонли эфирлар ташкил қилиб, фуқароларга 7/24 режимида онлайн ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келмоқда. Бу аҳолига қулайлик яратиш билан бирга нотариусларга мурожаатлар кўпайиб кетишининг олдини олади. Нотариуслар электрон нотариус тизими орқали онлайн нотариал ҳаракатларни ҳам амалга оширмоқдалар.
Қувонарлиси, меҳмонлар қисқа муддат ичида Ўзбекистон нотариат тизимида амалга оширилган улкан ислоҳотлар, шунингдек, ўзбек нотариатининг шиддат билан такомиллашиб бораётганлигини эътироф этдилар.
Учрашувда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Д.Ашуров “халқаро ҳамкорлик сизларга нима беради?” деган саволга жавоб берди.
– Бизнинг мақсадимиз – чет эл тажрибасини ўрганиб, энг илғор тажрибаларни соҳага жорий қилиш орқали тизимни такомиллаштириш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйишдан иборат.
Учрашув Ўзбекистон ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар билан “Нотариал идораларда электрон архивни юритиш тартиби” мавзусидаги видеоконференция билан давом этди.
ЎзА