Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Мисрнинг “Orascom Construction” компанияси Саноат парклари ташкил этиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўлими раҳбари О.Бебарс бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, 1950 йил ташкил этилган “Orascom Construction” Мисрнинг энг йирик қурилиш ва сармоявий компанияларидан бири ҳисобланади. Йиллик даромади 3,4 миллиард долларни ташкил этади, ходимлари сони 10 минг кишидан ошади.

Миср томони Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил февраль ойида Мисрга қилган ташрифи ишбилармон доиралар ўртасидаги фаол ҳамкорликни ривожлантириш, янги қўшма лойиҳалар амалга оширишга кучли туртки берганини таъкидлади.

Суҳбат чоғида Миср делегациясининг бир кун аввал соҳа бирлашмалари раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимият идоралари вакиллари билан ўтказган қатор ишчи учрашувлари сарҳисоб қилинди. Навоий вилоятида тайёр электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни жойлаштириш учун саноат зонасини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш имконияти ўрганилди.

Компания масъуллари Тошкент, Aндижон, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги саноат паркларини бошқаришда иштирок этиш режаси билан ўртоқлашди.

Ўзбекистон томонининг мамлакатимизга ўз сармоя, тажриба ва инновация ишланмаларини олиб киришда ҳамкорларимизга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлиги билдирилди.

 

ЎзА