Истанбулда ўтган Чемпионлар лигаси финал ўйини Туркияга қанча даромад келтирган кўпчиликни қизиқтираётгани табиий. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи орқали турфа рақамлар келтирилмоқда.

Куни кеча Туркия футбол федерацияси раҳбари Меҳмет Буюкэкши баёнот бериб, айни мавзудаги тахминларга ойдинлик киритди, дейиш мумкин.

Мулозимнинг сўзларига кўра, “Манчестер Сити” ва “Интер” ўртасидаги матч Туркияга 200 миллион доллар фойда келтирди.

“Финал баҳсини бевосита томоша қилиш учун дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонлар келиб, Туркия иқтисодиётига беқиёс ҳисса қўшди”, деди у.

“Т24” интернет нашри фикрига кўра, ушбу рақам фақат хорижлик ишқибозлар келиши билан боғлиқ маълумотни акс эттиради. Демак, чуқурроқ таҳлил қилинса, даромад бундан анча юқори бўлгани аниқланиши шубҳасиз.

 

Т. Рўзиев,

ЎзА