Ердан, аҳоли томорқасидан оқилона фойдаланиш ҳақида кўп гапирилади. Чора-тадбирлар ҳам шунга яраша. Бу бекорга эмас.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хориж маҳсулотларига боғланиб қолмаслик, экспортни кўпайтириш, аҳоли даромадини ошириш каби масалалар ердан самарали фойдаланишга боғлиқ.

Жорий йил Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 100,4 минг гектар майдон фойдаланишга киритилиши режалаштирилган. Хусусан, 46,6 минг гектар суғориладиган майдонлар ҳисобидан, 53,8 минг гектар лалми-яйлов ерлар ҳисобидан шакллантирилади. Бунинг учун давлат бюджети ҳамда ташаббускорларнинг маблағлари йўналтирилади. Натижада 337 километр суғориш тармоқларини қуриш, 1 минг 700 километр суғориш тармоқларини таъмирлаш-тиклаш, 1 минг 844 километр коллектор тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, 995 дона тик суғориш қурилмаларини, 111 дона насос агрегатларини қуриш, 463 километр электр тармоқларини тортиш, 306 дона трансформаторлар ўрнатиш ва 42,5 минг гектар ер майдонларида агротехник тадбирлар амалга оширилади. Муҳими, янги майдонлар фойдаланишга киритилиши натижасида республика бўйича жами 36 минг 800 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг шу кунига қадар жами 8 минг 200 гектар ер майдонлари фойдаланишга киритилди. Ушбу ер майдонларида буғдой, сабзавот-полиз, дуккакли, картошка, маккажўхори каби қишлоқ хўжалиги экинлари экилди. Шунингдек, 1060 гектар боғ ва 1584 гектар токзорлар барпо этилди.

Суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳужжат доирасида ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилмоқда.

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар бир вилоятда ўзига хос тажрибалар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Миришкор тажрибаси асосида ерларни ўзлаштириш кенг миқёсда бутун Республика ҳудудлари бўйлаб кенг қулоч ёзди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ички имкониятларни кенг жалб этган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кун тартибига қўйилди. Натижада аҳоли бандлиги таъминланиб, уларнинг даромадлари ва турмуш даражаси янада яхшиланди, қулай агробизнес муҳити яратилди.

Бўш майдонларга мўл ва сифатли ҳосил берадиган экин экиш давр талаби саналади. Бу борада деҳқонларга нимаики кўмак зарур бўлса, барчаси муҳайё этилмоқда. Бу эса аҳолининг ердан оқилона фойдаланишида муҳим омил бўлмоқда.

Республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви оқибатида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайтариш, ер ости сув захираларини самарали ишлатиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш учун янги-янги лойиҳалар қўлланилмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг ер кодекси”да “Ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади”, дейилган.

Биргина Сурхондарё вилоятида 2022-2023 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўтган 2022 йилда амалга оширилган экспорт ҳажми 258,4 миллион доллар миқдорида бўлган бўлса, жорий йилда 317,0 миллион доллар бўлиши кутилмоқда. Шундан, саноат экспорти 152,9, мева-сабзавот экспорти 164,1 миллион доллар бўлиши кутилмоқда. Экспортга жалб қилинган жами корхоналар сони 2022 йилда 259 та бўлган бўлса, жорий йилда 295 тани ташкил этмоқда.

Бу борада Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги ер эгалари, фермер ва деҳқон хўжаликлари, тадбиркорларга яқин кўмакчи бўлиб келмоқда. Аниқроғи, агентлик томонидан сифатли уруғлар, касалликка чидамли кўчатлар, пайвандтаглар етказиб берилишидан тортиб, уларни парваришлаш, зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш, боғлар, токзорлар барпо этиш, ўз навбатида бу борада мутахассис тавсияларига таяниш, тайёр маҳсулотни экспортга йўналтириш жараёнигача, барча босқичларда керакли ёрдам кўрсатиляпти.

Халқимизда «Ерни боқсанг, ер сени боқади» деган ҳикмат бор. Замин ҳалоллик, эътибор, меҳр кутади. Ер халқимизнинг ҳаёти, фаолияти ва турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ.

Бепоён далалар, кенг боғ-роғлару қир-адирлар, ўзимиз яшаб турган уйлар, ҳовлилар, шаҳарлар бойлигимиз, хазина манбаимиз. Инсон ерга меҳр берар экан, ҳалол меҳнатга ўрганади.

Бир парча ерга меҳр беролмаган инсоннинг ҳаётга муносабати ҳам бундан яхшироқ бўлмаслиги мумкин. Томорқадан фойдаланиш маданияти қанча ошса, халқимиз турмуш-тарзи ҳам шунча юксалади.

 

Шавкат Азизов  

Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги  

бўлим бошлиғи.

ЎзА