Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиалларида “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишига камида иккинчи спорт разрядига эга бўлган, “Спорт турининг алоҳида йўналишлари” магистратура мутахассислигига эса камида “Ўзбекистон спорт усталигига номзод” ёки “Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод” спорт разрядли абитуриентлар қабул қилиниши белгиланган эди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан “ERP спорт ягона электрон бошқарув тизими, шунингдек, унинг қуйи “Ижодий имтиҳон” ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Шунга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишига онлайн ҳужжат топширишда фақатгина спорт разрядлари “ERP спорт” ягона электрон бошқарув тизимига киритилган абитуриентлар имтиҳонларда иштирок этишлари мумкин.

Жорий йилнинг 20 июнь кунига қадар спортчилардан разрядлари ва унвони тўғрисидаги маълумотларни “ERP спорт“ ягона электрон бошқарув тизимига ўз вақтида, тўлиқ киритилиши талаб этилади.

Спорт фаолияти йўналиши бўйича ҳужжат топшираётган абитуриентлар учун my.sport.uz ҳаволаси орқали спорт соҳасидаги интерактив хизматлар порталига кириб, мавжуд спорт унвонлари ёки разрядлари ҳақида маълумот олиш хизмати йўлга қўйилди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабарига кўра, агарда разряди бўлсаю бироқ ушбу тизимдан чиқмаса, абитуриент ўз ҳудудида жойлашган спорт ташкилотига мурожаат қилиши керак.

Т. Рўзиев, ЎзА