Ўзбекистон Республиккаси Президенти “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга кўра, ҳудудларда ҳунармандчилик фаолиятининг ҳар бир йўналиши алоҳида ёндашувлар асосида ривожлантирилади, ҳунармандчиликнинг йўқолиб кетаётган турларини сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга етказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилади.
2023 йил 1 июндан 2025 йил 1 январга қадар “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” ва “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”га киритилган ҳунармандлар учун календарь йил давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини (ишлар, хизматлар) реализация қилишдан тушган тушумнинг 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдори бўйича айланмадан олинадиган солиқлар ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Товар белгиларини миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.
2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга ажратилаётган маблағнинг камида 70 фоизи ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Камбағалчиликни қисқартириш ва бандлик ҳузуридаги Касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб қайта номланади ва 2023 йил 15 июндан бошлаб ҳунармандчиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2023 йил 1 июлдан бошлаб давлат мулки бўлган моддий – маданий мероснинг кўсмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилиш учун фақат Миллий каталог ва Реестрга киритилган ҳунармандларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби жорий этилади.
2023 йил 1 июлдан бошлаб хорижий давлатларда ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ўтказиладиган кўргазмалар, фестиваллар ва конференцияларда ҳунармандлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган ҳунармандга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг иштирокини таъминлаш “Ҳунарманд” уюшмаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Миллий услубдаги павильонлар яратиш, ҳунармандчилик маҳсулотлари бўйича тарғибот материалларини тайёрлаш ва чоп этиш харажатлари “Ҳунарманд” уюшмасининг ҳисоб-китобларига мувофиқ, Жамғарма ҳисобидан қоплаб берилади.
ЎзА