Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда яна бир саломатлик акциясига старт берди.
Бугун юқоридаги масъул ташкилотлар ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасига “Саломатлик поезди” йўл олди.
Ушбу акция орқали Оролбўйи минтақасининг ҳаво йўллари тармоқлари йўқ, автомобиллар ҳаракати учун шароитлар етарли бўлмаган узоқ ҳудудлари аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга зарур дори воситалари ва тиббий сарфлов материалларини етказиб бериш мақсад қилинган.
“Саломатлик поезди”га 1,5 миллиард сўм миқдоридаги 5 тоннадан ортиқ дори воситалари ва тиббий материаллар юкланган бўлиб, улар орасида профилактика мақсадида қабул қилинадиган витаминлар, микроэлементлар ҳамда кардиологик, эндокринологик дори-дармонлар, шунингдек, шахсий гигиена воситалари мавжуд.
Бу поездларда ҳудудларга йўл олган Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг жами 200 дан зиёд малакали мутахассислари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.
Н.Усмонова, ЎзА