“Forward Italia” партияси асосчиси ва доимий етакчиси, Италия ҳукуматини уч марта бошқарган Сильвио Берлускони 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Corriere della Sera” газетаси хабар берди.
Апрель ойи бошида пневмония ташҳиси билан касалхонага ётказилган сиёсатчи икки йил давомида сурункали миеломоноцитар лейкомиядан азият чеккан, кимё-терапия муолажасини олаётган эди. Охирги пайт бемор Миландаги “Сан-Раффаэле” клиникасида бир ойдан кўпроқ даволанди. 9 июнь куни қайта шифохонага ётқизилди.
Сильвио Берлускони 1936 йил 29 сентябрь куни Миланда туғилган.
”Ҳаммасига ўзи эришган” таърифи бу инсонга жуда мос келади. Қурилиш ва телекоммуникация бизнесида 20 йилдан зиёд муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини юритган миллионер кейинчалик сиёсатга кириб боради.
1994 йил биринчи марта Бош вазир этиб сайланади. Иккинчи бор 2001 йил ҳукумат раиси бўлгач, Берлускони Италиянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тарихида беш йил давомида лавозимини тўлиқ сақлаб қолган ягона Вазирлар Маҳкамаси раисига айланади. 2008 йили унга учинчи марта ҳукуматни бошқариш ишониб топширилади. 2011 йил аксарият таҳлилчилар тахминига кўра, мамлакатнинг молиявий кўрсаткичи сунъий равишда ошириб кўрсатилгани айби билан лавозимидан кетишга мажбур бўлади.