Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ишчи гуруҳи аъзолари Истанбул шаҳрида Туркиянинг ривожланган тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишди.
Марказ раҳбари Камол Сирожиддинов етакчилигидаги мутахассислар Туркия тажрибасини ўрганиш, манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокара ўтказди.
Сафар давомида ўзбекистонлик спорт тиббиёти мутахассислари “Acıbadem Sports”, “Romatem”, “Doctor Club”, “Turan & Turan”, “Liv Hospital” спорт муассасалари, шунингдек, Истанбул университетининг тиббиёт факультети фаолиятини яқиндан ўрганди. Муассаса раҳбарлари билан соҳада тажриба алмашиш, даволаш, илмий-методик жиҳатдан ташкилотлар ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Сафар давомида “Doctor Club” ва “Turan & Turan” тиббиёт бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланиб, келгусида ташкилотлар ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилди, дейилади МОҚ матбуот хизмати хабарида.
Т. Рўзиев, ЎзА