2023 йил 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи куни сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилишларининг олдини олиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган таъсир чораларини янада тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан мувофиқликни баҳолаш қоидаларини техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулот чиқарилишига ёки мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказилишига сабаб бўладиган тарзда бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, қонунда мувофиқлик сертификати берилиши асоссиз равишда рад этилса, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини асоссиз равишда тўхтатиб турган ёки тугатган мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ҳам назарда тутилмоқда.

Хусусан, ушбу ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланмоқда.

Агар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи синов лабораториялари ва сертификатлаштириш идораларининг масъулиятини ошириш ҳамда маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичларини тўлиқ баҳолаш орқали аҳолини сифатли маҳсулот ва хизматлар билан таъминлашга олиб келади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун билан уяли алоқа виртуал операторлари (провайдерлар) фаолиятини кенгайтириш мақсадида улар томонидан радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларини кўрсатиш натижасида ундириладиган давлат божи миқдорлари камайтирилмоқда.

Ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 000 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, агар уяли алоқа виртуал оператори томонидан навбатдаги йиллик давлат божини тўлаш давридан олдинги молия йилида кўрсатилган кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари хизматларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 миллион бараваридан ошган тақдирда, ушбу уяли алоқа виртуал оператори даромадининг 1 фоизи миқдорида қўшимча давлат божи тўлаши белгиланмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда республикамизда ўз телекоммуникация тармоғига эга 5 та мобиль алоқа базавий оператори хизмат кўрсатиб келмоқда. Радиочастота ресурсига эга бўлмаган 1 та виртуал мобиль алоқа оператори мавжуд.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши натижасида уяли алоқа виртуал операторлари фаолиятини кенгайтиришга ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун адолатли рақобат муҳити яратишга эришилади.

Таҳлилларга кўра, ҳудудлардаги хусусий телеканал ва радиоканаллар ўз телерадиодастурларини эфирга узатиш ҳамда моддий-техник базаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлашда айрим молиявий қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

Шу боис қонун билан телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (намойиш қилиш) тармоқларини лойиҳалаштирганлик, қурганлик, улардан фойдаланганлик ва уларнинг хизматларини кўрсатганлик учун тўланадиган давлат божи миқдорлари 50 фоизга камайтирилмоқда.

Бунда теле- ва радиоканалларнинг молиявий имкониятларини яхшилашга, яъни, 4,1 миллиард сўмга яқин пул маблағларини хусусий телерадиоэшиттириш субъектлари фаолиятини ривожлантиришга эришилади.

Қонун билан давлат божини ундиришда яна бир қўшимча имтиёз берилиб, унга кўра, йиллик ундириладиган давлат божининг миқдори тенг равишда йилнинг ҳар чорагида бўлинган ҳолда тўлаш механизми яратилмоқда.

Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш билан бирга, хусусий телерадиоканаллар ташкил этилишига ва теледастурларни сифатли контентлар билан тўлдиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга, навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, Марказий банк 2022 йилдаги фаолиятини пул-кредит сиёсати ва макропруденциал чораларининг инфляцияга монетар омиллар таъсири даражасини қисқартириш, банк тизимида потенциал хатарларнинг молиявий барқарорликка таъсирини минималлаштириш ҳамда мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадларига йўналтирган.

2022 йил март ойида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизгача кўтарилган бўлса, II чоракдан бошлаб макроиқтисодий шароитларнинг барқарорлашуви ва айрим инфляцион хатарларнинг пасайиши ҳисобига асосий ставка 15 фоизгача туширилди.

Ҳисобот йилида иқтисодиётни молиялаштиришда хусусий инвестицияларни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматли янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилди.

Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 203 триллион сўм ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоизга кўп кредитлар ажратилган.

Аҳолига ажратилган кредитлар 2021 йилга нисбатан 1,6 баробарга ўсиб, 65,3 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу ажратилган кредит маблағларининг 25,6 фоизини микроқарз, 22 фоизини ипотека кредити, 33 фоизини истеъмол кредити, 14 фоизини микрокредитлар ташкил этган.

Шунингдек, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 424 мингдан ортиқ лойиҳаларга жами 9,9 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

2022 йилда банкларнинг капиталлашув даражаси 12 фоизга ошиб, йил якунлари бўйича қарийб 80 триллион сўмга, устав капитали миқдори 9 фоизга ўсди.

Шу билан бирга 2022 йилда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилишга қаратилган ишлар давом эттирилиб, «Ипотека-банк» ва «Ўзагроэкспортбанк»даги давлат улушини хорижий инвесторларга сотиш бўйича жараёнлар якунланди.

Натижада давлат улуши мавжуд банк активларининг банк сектори активлари умумий ҳажмидаги улуши 2021 йилдаги 81,5 фоиздан 2022 йилда 78,2 фоизгача пасайган.

Аҳолига республика ва хорижий тўлов тизимлари инфратузилмасида бир карта орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи кобейджинг банк карталари сони 2021 йилга нисбатан 2,7 баробарга ошган.

Шу билан бирга, сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган айрим масалаларга эътибор қаратдилар.

Жумладан, банкларда рақамлаштириш билан боғлиқ белгиланган қатор вазифалар ижроси қолиб кетаётгани, тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида шаффофликнинг тўлиқ таъминланмаганлиги, инсон омилининг юқорилиги кредит олиш жараёнини қийинлаштириб, бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига омил бўлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Марказий банкнинг 2023 йилги фаолиятида нархлар барқарорлигини таъминлаш, пул-кредит сиёсати инструментларини ҳамда аҳолининг банклардаги омонатларини ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Муҳокамадан сўнг Сенатнинг Марказий банк фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарори қабул қилинди.

Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни футболга кенг жалб этиш, футбол соҳасида халқаро талаблар ва стандартлар асосида иқтидорли ўйинчилар тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, бугунги кунда иқтидорли ёш футболчиларни саралаб олиш тизимини ва футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, соҳада маркетинг ва замонавий бошқарув механизмларидан самарали фойдаланиш мақсадида амалдаги солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатини узайтириш зарурати мавжуд.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонун билан Солиқ кодексига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клубларига барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шунингдек, ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилмоқда.

Мажлисда “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клубларининг молиявий аҳволини яхшилаш, хорижий етук мутахассисларни жалб қилиш орқали соҳадаги мутахассислар малакасини ошириб бориш, шунингдек, хусусий профессионал футбол клубларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши футбол клублари фаолиятини ривожлантиришга, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишга, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақаларни, шу жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ҳамда қитъа биринчиликларини юқори даражада ташкил этишни таъминлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги ҳамда Судьялар олий кенгаши таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳаларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган 11 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати