Айрим қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тушунтириш берилган бўлса-да, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш ва назорат қилишнинг аниқ механизми белгиланмаган.

Соҳада ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли орган мавжуд эмас. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланган бўлса-да, қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик масалалари назарда тутилмаган.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун шу каби камчиликларга барҳам беришга қаратилган.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган мазкур қонун Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Унда манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, давлат хизматчиларининг мажбуриятлари ҳамда уни тартибга солиш бўйича аниқ механизмлар белгиланмоқда.

Ҳужжатнинг қўлланилиш доираси аниқлаштирилмоқда, яъни қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан, шунингдек, ўз устав фондида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилиши назарда тутилмоқда.

Энг муҳими, давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар белгиланмоқда. Эндиликда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар сифатида мустаҳкамланмоқда.

Қонунда давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган ва тузилган битимларни суд тартибида ҳақиқий эмас, деб топиш асослари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига замин яратади.

Сенат аъзолари, доимий комиссиялар раислари, экспертлар гуруҳи аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилиш якунида  тегишли қарор қабул қилинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА