Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва «рақамли энергоназорат» тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Унга кўра, ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга бардам бериш, бу борада давлат назоратини кучайтириш орқали қонун талабларини бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланади.

Ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш (қазиб олиш), узатиш (ташиш), сақлаш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларни миқдор жиҳатидан сақлаш жараёнига «рақамли энергоназорат» тизими тўлиқ жорий этилади.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) штаблари  фаолияти йўлга қўйилади.

Қуйидагилар республика, ҳудудий ва туман (шаҳар) штабларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларга барҳам бериш чораларини кўриш;

ёқилғи-энергетика соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, дастурлар ҳамда лойиҳаларда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини мунтазам назорат қилиш;

штаблар фаолияти натижаларини мунтазам равишда танқидий муҳокама қилиб бориш ва улар ишини такомиллаштириш бўйича тизимли чоралар кўриш;

истеъмол қилинган ёқилғи-энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш юзасидан кунлик назорат ўрнатиш;

коррупциявий омилларни мунтазам равишда таҳлил қилиш асосида ушбу соҳани «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Энергетика вазирлигининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади ва улар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

2023 йил 1 сентябрга қадар қонунлар, шу жумладан ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчилик ижроси устидан прокурор назорати тадбирлари ҳамда уларнинг натижаси бўйича қўлланилган прокурор назорати ҳужжатларининг ягона базаси юритиладиган «Прокурор назорати» ахборот тизими жорий этилади.

2023 йил 1 сентябрдан электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берувчи тизим тўлиқ ўз фаолиятини бошлайди.

 

ЎзА