Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Замонавий талаблар шароитида педагогик таълим сифати” мавзусидаги “IFTE-2023: Uzbekistan” халқаро анжумани иш бошлади.
Унда юртимиздан ташқари, Россия, Германия, Хитой, Словения, Испания, Малайзия, Покистон, Филиппин ҳамда Қозоғистон мамлакатларидан педагог олимлар, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуманда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нурсултан Қаюпов, Евроосиё педагогик университетлари ассоциацияси президенти, Москва давлат педагогика университети ректори Алексей Лубков, Қозон федерал университети Психология ва таълим институти директори Айдар Калимуллин, Нукус давлат педагогика институти ректори Байрамбай Отемуратов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари тўғрисида маълумот берди.
Бугунги кунда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш нафақат таълим муассасаси, балки халқаро миқёсда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган барча таълим тизимининг вазифасига айланди. Бу, албатта, фан ва таълим йўналишидаги салоҳиятимизни бирлаштиришни тақозо этади. Анжуманнинг асосий мақсади таълим соҳасида фаолият юритувчи олимлар, амалиётчилар ҳамда давлат ҳокимияти органлари вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, таълим жараёнини такомиллаштириш мақсадида миллий ҳамда халқаро миқёсда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, соҳада ўқитувчилар ҳамда мутахассислар тайёрлаш сифатини яхшилаш йўлида ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА